LOGIN TO CABINET
.
SCRIPTS
ARCHIVE
March 2017
SuMoTuWeThFrSa
   1234
567891011
12131415161718
192021222425
262728293031 
About me

Республика болалар кутубхонаси

 

Кишилик жамиятини тараққиёти давомида турли-туман моддий, маданий ва анъанавий ёдгорликлар кўплаб яратилган. Ана шундай ёдгорликлардан бири китобдир. Қадимда китоблар авайлаб асралган, ниҳоятда қадрланган.

Фақат кутубхоналар туфайлигина қадимги қўлёзмаларбосма китоблартарихий шахслар ҳақидаги манбаалар бизгача етиб келган.

Илмли кишилар китобни барча бойликлардан юқори кўрганлар, уларни қадрлаганлар.

Кутубхона форсча “китоблар уйи”, “китоблар сақланадиган жой” деган маънони билдиради.

Республика болалар кутубхонаси 1965 йилнинг январ ойида Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонасининг “Ўсмирларга хизмат кўрсатиш бўлими фонди” нинг негизидаЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан вилоятлардаги болалар кутубхоналари учун илмий-услубий марказ сифатида ташкил этилди.

Кутубхона дастлабки даврда В.Маяковский номидаги кутубхона билан бир бинода жойлаштирилган эди ва 1972 йилдан эса у ўз биносига эга бўлди.           Республика болалар кутубхонаси Давлат муҳофазасидан меъморчилик ёдгорлиги бўлмиш қадимий бинода жойлашган. Бинони 1907 йилда бой савдогар ака-ука Водъяевлар ўзлари учун қурганлар. Тез орада бино шаҳар генерал-губернатори ихтиёрига ўтказилган. Бинода шаҳар уламоларининг йиғилишлари, юбилей тантаналари ва баллар ҳам ўтказилар эди.

Республика болалар кутубхонаси  йилига 13 мингдан зиёд китобхонларга хизмат кўрсатиб келмоқдаИнтернет тармоғида ўзининг  www.kitob.uzwww.taqvim.uz расмий сайтларига эга.

Кутубхона ҳар жиҳатдан қулай ва шинамКичкинтойлардан тортиб то катталарнинг ҳам қизиқишига жавоб берадиган китоб заҳирасига эга. Кутубхонанинг асосий вазифаси китобни тарғибот қилишдан уни кенг китобхон оммасига етказишдан иборатдир.

Кутубхона фондида 200 мингдан зиёд адабиётлар ва 100 дан ортиқ бошқа нашрлар мавжудБулар: фаннинг барча соҳалари бўйича болалар ёшини ҳисобга олувчи бадиий адабиётлар, илмий – оммабоп нашлар, ижтимоий – сиёсий китоблар, журналлар, Ўзбекистонда нашр қилинган болалар ҳамда катталар учун газета ва журналлар, энциклопедия – луғатлар, CД ромлар, видео – аудио кассеталардир. Шунингдек, болалар ўқиши раҳбарлари учун илмий-услубий ва библиографик нашрлар ҳам ўз ўрнини топган.


Республика болалар кутубхонаси директори  Ўролов Дониёр Омонович.

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Раимбекова Умида Эркиновна.

Жаҳон ахборот ресурслари ва янги технологиялар бўйича директор ўринбосари Камилова Муқаддас Иркинбаевна.


Ҳозирги кунда кутубхонада 8 та бўлим фаолият кўрсатмоқда:


1. Мактаб ёшигача ва 1- 4 синф ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлими.

Мактаб ёшигача ва 1-4 синф ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлим бошлиғи Хаитбаева Муҳаббат Султановна.

Мактаб ёшигача ва 1- 4 синф ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлими:    

Абонемент ва ўқув залидан иборат. Бўлимнинг китоб фонди 8.503 нусхани ташкил этади. Бу бўлим болалар боғчаларининг мактабгача тарбия гуруҳи болаларига ва мактабнинг бошланғич синф ўқувчиларига хизмат кўрсатади. Хизмат кўрсатиш бўлимининг асосий вазифаси кичик ёшдаги китобхонларни кутубхонага жалб қилиш, уларни миллий ва жаҳон адабиёти асарлари билан таништириш ва билим савиясини оширишдир.

Бўлим мутахассислари ёш китобхонларнинг барча талаблари бўйича иш олиб боради ҳамда уларнинг китобга бўлган муносабатлари шакллантирилади. Бу ерда ёш китобхонлар ўзларининг бўш вақтларини қизиқарли ва мазмунли ўтказадилар. Ҳозирги кунда видеоаппаратура орқали турли хил мультфильмлар намойиши ва ўйинлар болалар хизматида.

Адабиётлардан тўлиқ фойдаланиш учун алфавитли ва системали каталоглардан фойдаланилади. Шеърлар картотекаси болалар қизиқишларини ҳисобга олиб мунтазам тўлдирилиб борилади.


2. 5 – 9 синф ўқувчиларига таълим ресурслари бўйича ахборот хизмат кўрсатиш бўлими.

 5-9 синф ўқувчиларига таълим ресурслари бўйича ахборот хизмат кўрсатиш бўлим бошлиғи Алихаджаева Шоҳида Джураевна.

 Бўлим 5 – 9 синф ўқувчиларига хизмат кўрсатади. Китоб фонди 7500 нусхани ташкил этади. Китоблар ББК бўйича жойлаштирилган. Бу бўлимда табиий фанлар, техника ва қишлоқ хўжалиги, спорт ва соғлиқни сақлаш, мактаб дастури бўйича адабиётлар мавжуд. Абонементда икки гуруҳга бўлинган ҳолда яъни  5 – 7 синф ўқувчилари ва 8 – 9 синф ўқувчилари учун алоҳида – алоҳида китоб бериш  ташкил этилган. Китобхонлар китобларни 10 кун мухлат билан оладилар. Бўлимда ўқувчиларимиз ўзларига керакли адабиётларни танлашлари учун очиқ китоб фонди мавжуд. Улар шу ерда жойлашган алифбо ва тизимли каталогларидан фойдаланиб китоб жавонида йўқ китобларга буюртма беришлари мумкин.

Ўқув залида кутубхонанинг энг нодир китоблари жамланган: Энциклопедиялар, луғатлар, дарсликлар, газета ва журналлар, бадиий адабиётлар шулар жумласидандир.

Ўқув залида турли  маърифий тадбирлар, таниқли ёзувчилар, шоирлар, машҳур кишилар билан учрашувлар ўтказилади. Бундай тадбирлар  ўқувчиларнинг билим олишлари учун муҳим ҳисобланади. Чунки таниқли кишиларнинг ибратли ҳикоялари ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун яқиндан ёрдам беради.


Оилавий ўқиш шўъбаси 

Оилавий ўқиш шўъбаси 5 – 9 синф ўқувчиларига таълим ресурслари бўйича ахборот хизмат кўрсатиш бўлими қошида 2001 йилда ташкил этилди.   

Шўъба болалар ўқишига раҳбарлик қилувчилар, педагоглар, тарбиячилар ва ота-оналарнинг кутубхонадан фойдаланишлари учун мўлжалланган. Шўъбанинг китоб фонди 2200  нусхани ташкил этади. Бу бўлим имкониятларидан кутубхона яқинидаги “Оқибат” , “Ёшлик”, “Мустақиллик”, каби маҳаллалар аҳолиси, уй бекалари, нафақадагилар кенг фойдаланиб келмоқдалар.

Шўъба янги келган китоблар ва кутубхона фондидаги энг яхши адабиётларни мунтазам равишда китобхонларга тарғиб этиб келмоқда.


3. Маънавият, маърифат ва санъат бўйича медиаресурс бўлими.

Маънавият, маърифат ва санъат бўйича медиаресурс бўлим бошлиғи Рўзматова Ноила Собировна.

    Маънавият, маърифат ва санъат бўйича медиаресурс бўлимининг китоб фонди 4000га яқин бўлиб, ундан  2000таси санъатга доир адабиётлардир. Мусиқа, рақс, кино, театр, тасвирий санъатга оид китоблар шулар жумласидандир.  Ноталар эса алоҳида китоб жавонларида жойлашган.

    Санъатга оид адабиётлардан ташқари маънавият ва маърифатга оид китоблар ҳам мавжуд. Бўлимга доимий равишда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Театр”, “Санъат”, “Саодат”, “Гулистон”, “Веселые нотки”, “Юный художник” каби журналлар келиб туради. Бўлим асосан, Тошкент шаҳридаги мактабларнинг ўқувчиларига, Успенский номли Республика ихтисослашган мусиқа академик лицейи ўқувчиларига ва Камолиддин Беҳзод номли Миллий рассомчилик ва дизайн институти талабаларига хизмат кўрсатади.

    Бўлим ходимлари доимий равишда коллеж ва институт талабалари билан биргаликда санъат усталари, кино актёрлар, шоирлар ва композиторлар билан учрашувлар ўтказиб келади. Энг кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун эса “Мусиқий меҳмонхона” тадбири ташкил этилган. Бу тадбир орқали ёш санъатсеварлар мусиқа дунёси сирларига эга бўлишда нималарга эътибор қаратиш лозимлигини билиб оладилар. Маълумки, тасвирий санъат ва мусиқа бир бири билан ҳамоҳанг ва ҳар бир инсонда яхши фазилатларни ва нозик туйғуларни тарбиялайди.


4. Маълумот-библиография ва ўлкашунослик ахборот бўлими.

Маълумот, библиография ва ўлкашунослик ахборот бўлим бошлиғи Абдуллаева Доно Рихсиевна.

Маълумот-библиография ва ахборот ўлкашунослик бўлимининг китоб фонди 1500 га яқин. Кутубхонада маълумот-библиография ва ўлкашунослик ахборот хизмат кўрсатиш бўлимининг асосий вазифаси китобхон болаларнинг сўровномаларини бажариш ва картотека, каталоглар билан ишлашни ўргатишга йўналтирилган. Бўлимда фойдаланувчилар эҳтиёжларига жавоб бера оладиган маълумот-библиографик нашрлар фонди жойлашган. Унда турли йилларда газета ва журналларда чоп қилинган кўплаб мавзуларга оид мақолалар картотекаси мавжуд. Бундан ташқари бўлим китобхон ва болалар ўқиши раҳбарлари билан ахборот-библиографик ишларини олиб боради. Ўқитувчи-педагоглар учун “Ахборот кунлари” ни ташкил этади.

Бўлим ходимлари янги келган матбуот нашрлари билан ишлайдилар, яъни мақолаларни таҳлил қилиб, улар ҳақидаги библиографик маълумотларни тавсифлаб, картотекаларга жойлаштирадилар. Маълумот-библиография ва ахборот бўлими кутубхоначиларнинг библиографик фаолиятини мукаммаллаштириш, вақтини тежаш, китобхонлар билан ишлашларида ёрдам бериш мақсадида  ёзувчилар ҳаёти ва ижодига оид долзарб мавзулар бўйича мунтазам равишда библиографик қўлланмалар ва болалар китоб ўқишига раҳбарлик қилиш йўналишларида ахборот-библиографик нашрлар чиқаради.

Библиографик қўлланмаларнинг кичик шаклларидан: варақалар, буклетлар, эсдаликлар тайёрлайди, китоб кўргазмалари ташкил этади ва газета, журналлар мақолалари шарҳларини ўтказади.


5. Китоб жамлаш, тўкислаш ва янги ресурсларнинг электрон каталогини яратиш бўлими.

Китоб жамлаш, тўкислаш ва янги ресурсларнинг электрон каталогини яратиш бўлим бошлиғи Таджибаева Наргиза Холбоевна.

Китоб жамлаш, тўкислаш ва янги ресурсларнинг электрон каталогини яратиш бўлими “Кутубхона фондларини жамлаш тартиби ҳақидаги Низом”га мувофиқ ташкил этилган. Адабиётлар болалар ўқишига раҳбарлик қилувчилар учун ва барча ёшдаги болалар учун мўлжаллаб жамланади. Китоб жамлашга ёрдам тариқасида жамлангунгача ва жорий жамлаш картотекаси юритилмоқда. Бўлим вақтли матбуот нашрларига обуна бўлишни ташкил қилиб, 43 дан ортиқ номдаги вақтли матбуот нашрлари картотекасини юритади.

Китобхоннинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда КБК тузуми бўйича болалар адабиётларига кутубхоначилик библиографик ишлов берилади. Бўлим томонидан қуйидаги каталоглар юритилмоқда:

 - Барча кутубхона учун алифболи каталог;

 - Бош каталог;

 - 2 – 3 синф ўқувчилари учун тизимли каталог;

 - 4 – 5 синф ўқувчилари учун тизимли каталог;

 - 6 – 9 синф ўқувчилари учун тизимли каталог;

 - Болалар ўқишига раҳбарлик қилувчилар учун тизимли каталог;

 - Сарлавҳалар каталоги;

 - Электрон нашрлар каталоги;

 - Лотин ёзувидаги нашрлар каталоги.

Бўлим ходимлари кутубхона фондини болалар учун чоп этилган яхши ва сифатли китоблар билан тўкислаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг нашриёт-матбаа ижодий уйлари билан, “Шарқ” НМАК  билан шартнома асосида ишламоқдалар. Янги чиққан нашрларнинг мавзулари ахборотномалари, мавзулар режалари таҳлил этилиб, кутубхонада йўқ нашрларга буюртма берадилар. Вақтли матбуот нашрларини ўз вақтида қайд этиб, кутубхона бўлимларига тарқатадилар. Янги келган адабиётларнинг кўригини ташкил этадилар.

Хайрия жамғармалари, турли нодавлат ташкилотлар ва ҳомийлар томонидан ҳам китоблар олиниб, китоб фонди бойитилмоқда.


6. Адабиётларни сақлаш ва ретрокаталог яратиш бўлими.

Китоб сақлаш ва ретрокаталог яратиш бўлим бошлиғи Адилова Умида Исломовна.

Республика болалар кутубхонаси фондида   200 минг    нусха китоб ва бошқа нашрлар мавжуд. Китобхонларнинг ёшларини ҳисобга олган ҳолда, болалар кутубхоналари учун КБК (Кутубхона библиографик классификация) жадвали асосида жойлаштирилган.

Бундан ташқари болалар ўқишига раҳбарлик қилувчилар (педагоглар, ота-оналар) учун ҳам 2500 нусхага яқин китоб фонди жамланган. Барча китоблар фонди учун   топографик каталог    тузилган.         Бўлим ходимлари кутубхонанинг хизмат кўрсатиш бўлимларидаги китобларни мунтазам янгилаб, тўлдириб борадилар. Бўлимларнинг китоб заҳираларини қандай сақланаётганлигини назорат қиладилар. Бўлимлар фондида йўқ бўлган нашрларни кутубхонанинг китоб сақлаш бўлимидан етказиб берадилар. Мунтазам равишда китоб фондини гигиена қоидалари асосида сақлашга ҳаракат қиладилар.


7. Илмий услубиёт ва мактаб ахборот ресурс марказлари мутахассислар малакасини ошириш бўлими.

Илмий услубиёт ва мактаб Ахборот - ресурс марказлари мутахассисларини малакасини  ошириш бўлим бошлиғи Гулямова Гулчехра Хайгулматовна.

Илмий услубиёт ва мактаб ахборот-ресурс марказлари мутахассислари малакасини ошириш бўлими китобхонларга хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантириш, кутубхона хизматини янги технологиялар асосида олиб бориш бўйича услубий ёрдам кўрсатади.

Болалар ва мактаб ўқувчиларининг ўқишига раҳбарлик қилувчилар, педагог ўқитувчилар, мактаб кутубхоначилари ва АРМ мутахассислари учун долзарб мавзулар, унутилмас саналар, ёзувчиларнинг юбилейларига бағишланган услубий қўлланмалар тайёрлайди ва вилоят АРМларига юборади.

Илмий услубиёт бўлими ходимлари доимо бошқа кутубхоналарнинг илғор иш тажрибаларини, ахборот технологияларни  янги йўналишларини ўрганади ва бошқа кутубхоналарга тадбиқ қилади. Кутубхоначиларнинг касб маҳоратини ошириш мақсадида ахборот-ресурс марказлари раҳбарлари, мутахасисслари билан мунтазам равишда семинар ўтказиб боради.

Малака ошириш институти, маданият институти ва маданият коллежи талабалари учун илмий-услубий маслаҳатлар берилади ва амалий машғулотлар ўтказишни ташкил қилади.

Болалар кутубхоналарида ёш китобхонлар билан ишлашни яхшилаш, ёшлар ўртасида китобга бўлган қизиқишни кучайтириш мақсадида “Энг фаол китобхон”, “Энг яхши китобхон оила” кўрик-танловларини тайёрлайди ва ўтказиб боради.

Ҳар йили “XXI – асрда  болалар китобхонлиги” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказишни ташкил қилади. Конференция маълумотларини жамлаб тўплам чиқаради.

Бўлим ходимлари шаҳар ва вилоят АРМлари, мактаб кутубхоналарини иш фаолиятини ўрганиш мақсадида хизмат сафарларига чиқадилар ва услубий, амалий ёрдам кўрсатадилар.


8. Жаҳон ахборот ресурслари ва янги технология бўлими. Интернет синф.

Жаҳон ахборот ресурслари ва янги технология бўлим бошлиғи Алимова Мастура Асқаровна.

Кутубхона фаолиятига янги технологияларни жорий этиш ва китобхонларга хизмат кўрсатишнинг янги усулларини яратиш мақсадида кутубхонада 2001 йилда бу бўлим ташкил этилди.

Бўлимнинг бугунги иш услуби ва фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 20 июндаги “Республика аҳолисини ахборот кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-381-сонли қарорини бажаришга қаратилган. Бўлим фаолияти болалар ва ўсмирларни ўқишга жалб қилишнинг турли шаклларини жорий қилиш, жумладан, электрон кутубхона, Интернетга интеграциялаш, китоб ва видео маданият синтезини шакллантириш ва бойитишдан иборат. Болаларнинг ахборотни қабул қилишдаги хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда янги ахборот ва компьютер кўникмаларини “ўқиш, эшитиш, кўриш” шаклида етказишга қаратилган.

Шу мақсадда, 2007 йилнинг апрелида Республика болалар кутубхонасига Япония ҳукумати томонидан маданиятни ривожлантириш ва келажак авлодни тарбиялашга кўмаклашашиш мақсадида беғараз гранти асосида 28,6 миллион иен ҳисобида аудиовизуал жиҳозлар ажратилди. Бу кутубхона ишини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Бу аудиовизуал жиҳозлардан кўзи ожиз ва ҳаракати чекланган болалар ва ўсмирлар ҳам фойдаланишлари мумкин.  Шунингдек кутубхонада бу жиҳозлардан барча шароитлари билан замонавий лингафон хонаси ташкил этилган. Улар ёрдамида болалар жаҳон мумтоз ва миллий мусиқа намуналарини эшитишлари ёки ахборот технологиялари ёрдамида тил ўрганишлари, мактабгача бўлган болалар ўқиши машғулотларида иштирок этишлари мумкин.

Ўқув залида техниканинг асосий қисми жойлаштирилган,  видеопроектор, электрифицияланган экран, DVD, видеомагнитафон, аудиокучайтиргич ва микрофонлар  фойдаланувчилар ихтиёрига берилган. Бу ускуналар ёрдамида халқаро конференциялар, семинар-тренинглар, тақдимотлар, олимлар, ёзувчилар, маданият ходимлари, санъаткорлар ва бошқа инсонлар билан учрашувларни замонавий  ва юксак миқёсда ўтказиш имконияти мавжуд.

Бўлим 10 та Пентиум – 4 компьютерлари билан таъминланган. Барча компьютерлар АДСЛ технологияси орқали Интернет тармоғига уланган. Бу китобхонлар учун кўпроқ ахборотлар олиш имконини бермоқда. Бўлим ходимлари болаларга компьютердан фойдаланиш қоидаларини ўргатадилар. Бўлимда “Компьютер кутубхонаси” ташкил қилинган. “Компьютер кутубхонаси” турли фан соҳалари бўйича рефератлар ва тематик уй вазифаларини бажаришга ёрдам беради. Бу ерда ахборот технологияларига оид юздан ортиқ журналлар, компьютер саводхонлигига оид илмий-оммабоп нашрлар дарсликлар ва қўлланмалар жамланган.

 Ўқувчиларга  сифатли ва ҳозирги замон талаблари асосида хизмат кўрсатиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнида жаҳон ахборот ресурслари ва янги технологиялар воситасидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган.

Интернет тармоғида кутубхона жамоаси томонидан  жорий этилган ўзбек тилидаги Kitob.uz сайти мунтазам фойдаланувчилар хизматида турибди.

Ҳозирги кунда сайтда китобхонлар учун “Ўзбек адабиёти”, “Электрон адабиётлар”, “Жаҳон адабиёти”, “Ривоятлар”, “Эртаклар”, “Биласизми?”, “Лойиҳалар”, “Матбуот хизмати” ва кўплаб бошқа саҳифалар тўғридан тўғри фаолият юритяпти. Фаол китобхонлар эътиборига электрон китоблар рўйхати тузилган.

Эндиликда ҳар бир китобхон ўз уйида ўтириб «Kitob.uz» сайти жавонида ўзига керакли бўлган китобини топиб ўқиш имкониятига эга. Шунингдек,  “Kitob.uz”ни рус тилидаги талқини ҳам мавжуд. Шу кунларда  сайтнинг “Нодир китоблар” саҳифасини тайёрлаш бўйича амалий ишлар бажариляпти.

Саҳифаларда асосан ўқувчи-ёшларга мўлжалланган маълумотлар билан тўлдирилиб, 100 000 га яқин электрон китоблар ва турли соҳалардаги маълумотлар базаси яратилган.

Ушбу сайтдан кундалик фойдаланувчилар сони ўртача 2500-3000 нафарни, умумий кўрсаткич 87927 нафардан зиёдни ташкил этмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда мавжуд бўлган сайтлар ичида “Kitob.uz” сайти 55-65 ўринни эгаллаб турибди.

Kitob.uz  сайтида www. forum.kitob.uz  форуми орқали  таниқли шоир ва ёзувчилар иштирокида он-лайн учрашувлар ташкил этилмоқда.

Бу тадбирлар ёш китобхонларнинг таклифлари билан ташкил этилади. 

 Шу кунгача бу каби тўғридан-тўғри мулоқотлар Худойберди Тўхтабоев, Хошимов, Турсунбой Адашбоев, Умида Абдуазимова, Эркин Вохидов, Ямин Қурбон, Муҳаммад Али, Абдурахмон Акбар, Миразиз Аъзам, Тоҳир Малик, Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид, Шермат Ёрматов ва бошқалар иштирокида бўлиб ўтди.

 

Ўйлаймизки, «Kitob.uz» ўзбек китобхонларининг севимли сайтларидан бирига айланди.

Ҳозирда кутубхонада мавжуд китобларнинг  57300  донаси “КаДата” дастурига киритилган.