
Юнусобод тумани
Юнусобод тумани — Маъмурий-ҳудудий бирлик.
1936-йил 26-августда Киров тумани номи билан ташкил қилинган. 1992-йил май ойидан
Юнусобод тумани деб аталади.
Юнусобод номининг келиб чиқиши ҳақида турлича
фикрлар бор. Айрим тадқиқотчилар (академик А. Муҳаммаджонов) фикрича, жойнинг номи
жуда қадимий бўлиб, асли "Юнусработ" деб аталган.
Бу ўринда "работ" карвонсарой
маъносида қўлланган. Шимолий томондан
шаҳарга кирувчилар шу жойда қўниб ўтишган. Маҳаллий зиёлиларнинг
фикрича, жойнинг номи себзорлик тадбиркор Юнушожи Нодирҳожи ўғли (19-аср, Юнусобод
Оқтепасида боғроғлари бўлган) ҳақидаги ривоятлар билан
боғлиқ. Туман шаҳарнинг шимолий
қисмида жойлашган. Амир Темур хиёбонидан бошланиб шимолий томонга, Тошкент катта
ҳалқа йўлигача давом этади.
Майдон 4,14 минг га, шу жумладан, кўкаламзорлаштирилган майдон
1,073 минг га. Аҳолиси 289,0 минг киши (2004). Кўчалар сони 441 та. Асосий
магистрал кўчалари: Шароф Рашидов, Амир
Темур, Аҳмад Дониш, Хуршид, Ғани Мавлонов, Жаҳон Обидов, Гвардия полковниги
Хўжаев. 50 та маҳалла мавжуд.
Туман ҳудудида 3547 корхона ва ташкилот бўлиб, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг саноат ишлаб чиқаришдаги
улуши 36,3%, қурилишда 64,2%, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 50,9% ни ташкил
этади. Улар орасида 155 та қўшма корхона фаолияти ишлаб чиқариш ва аҳолига
хизмат кўрсатишга йўналтирилган.
Саноат корхоналаридан "Узбекқишлоқмаш",
"Юлдуз" тикувчилик, "Асбобсоз", "Раупхон" корхоналари,
вагон таъмирлаш заводлари, китобжурнал
фабрикаси, "Ўзбекенерготаъмир" ишлаб чиқариш бирлашмалари
ва бошқалар ишлаб турибди. Чет эл инвеститсиялари иштирокида фаолият кўрсатаётган "Дилек интерпрайс",
"Айлин Гида Санайи", "Азия Силк" шўба корхоналари, "Растр",
"Супертекстил" корхоналари, шунингдек, мебел ишлаб чиқарувчи 3 та қўшма
корхона бор.