ШАХСИЙ КАБИНЕТГА КИРИШ
.
ССЕНАРИЙЛАР
Бирорта ҳам ссенарий топилмади!
АРХИВ
Март 2021
ЯкДуСеЧоПаЖуШа
 123456
8910111213
14151617181920
21222324252627
28293031   
ФОЙДАЛИ САЙТЛАР
Таниқли рақс устаси Юлдуз Исматова таваллуд топган кун
1944-10-31

Юлдуз Исматова Таниқли рақс устаси 1944 йил 31 октябрда Тошкентда иқтидорли кино ва театр актёри Асад Исматов хонадонида дунёга келди. Юлдуз Исматова 1968 йилда ўзбек хореография билим юртини тугатган. У билим юртида ўқиб юрган даврида – 1963 йили Муқумий номли мусиқали драма ва комедия театрига раққоса бўлиб ишга киради. 1963 йилдан 1988 йилгача барча спектаклларда якка рақсларни ижро этади. Юлдуз Исматованинг “Нурхон”, “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Паранжи сирлари”, “Севги хиёбони”, “Қалам қошлигим” спектаклларидаги якка рақслари ва концерт репертуарига кирган “Муножот”, “Тановар”, “Завқим келур”, “Оразбон лазги”, “Гулнор”, “Сайёра”, “Раққоса”, “Гулчи қиз”, “Рақиблар”, арабча, ҳиндча, афғонча рақслари томошабинларни мафтун этди. Юлдуз Исматова ўз концерт дастури билан Лаос, Камбоджа, Ҳиндистон давлатларига ижодий сафарга борди, 1969 йили собиқ Германия Демократик Республикасида гастролда бўлди. Юлдуз Исматова 1976 йилда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда А. Н. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатади. Бу йиллар давомида у спектаклларда актриса сифатида роллар хам ижро этади. “Қайнона”даги  Офат, “Ёлғончи даркор”даги Пица-Кица, “Хотинимнинг эри”даги Зарифа, “Нурхон”даги Қумри, “Ярим тундаги ўғирлик” спектаклидаги Цица, “Хижрон”даги Чарльтон, “Гулбаҳор қани?”даги Ҳадича, “Тошболта ошиқ”даги Салтанат, “Жоним фидо”даги Валя, “Менинг жаннатим”даги Нодира, “Она қизим”даги Гўзал, “Қиз булоқ”даги Оҳу, “Оддий мўъжиза”даги Малика ва бошқа образлар шулар жумласидандир. Юлдуз Исматова шу даврда балетмейстр сифатида ҳам ижод қилди. “Лайли ва Мажнун”, “Олифта”, “Мангулик”, “Гулсара”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Паранжи сирлари”, “Нурхон” спектакллари учун рақслар саҳналаштирди ва қатор концерт дастурлари учун янги рақслар, яллалар, мақомлар яратди. Юлдуз Исматова 1984 йилда ишдан ажралмаган ҳолда А. Островский номидаги  Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтининг режиссёрлик факультетини битиргач, театрда ҳам раққоса, ҳам актриса, ҳам балетмейстр сифатида ижод қилиб, “Дилафрўзга тўрт ошиқ”, “Олтин даврим”, “Олифта”, “Юлдузлар жамоли”, каби спектаклларни режиссёр сифатида саҳнага қўйди. Театр унинг ижодига, ғайратига торлик қилди шекилли, 1988 йилда Ўзбекистон Телерадиокомпаниясида “Тановар” миллий рақс ансамблини ташкил қилиб, Ўзбекистон Республикасида биринчи бор миллий рақс театрини (яъни миллий балетини) яратди. Юлдуз Исматова спектакллар билан бир қаторда концерт дастурларини ҳам саҳналаштирди. У 1988-1989 йилларда “Муножот” (якка рақс), “Тановар”, “Парвоз айлади”, “Хоразмча”, “Доира чорлайди”, “Соқиномаи савти калон”, “Индра Гандига бағишлов” каби якка рақслар яратди. Юлдуз Исматованинг ўзбек рақс санъати равнақидаги хизматлари муносиб тақдирланди. У 1995 йил январь ойида Мукаррама Турғунбоева номидаги мукофат совриндори бўлди. 1995 йил августида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвони билан мукофатланди. 1998 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.  

Маьлумот: Миллий театиримиз намойондалари.


Сайт “OPEN WEB” томонидан тайёрланган