
Ливингстон Давид (1813.19.03, Блантайр, Ланарк графлиги - 1873.01.05, Читамбо, Замбия) - шотландиялик сайёҳ. Ихтисоси - врач. Марказий ва Жананубий Африкани тадқиқ қилган. 1840 йилида Лондон миссионерлар жамияти томонидан Жананубий Африкага юборилган. 1841 - 1852 йилларда Калахари бечуанлари орасида яшаб, ўша ерларни ўрганди. 1849 йилида Нгами кўли ва 1851 йилида Линянти дарёси ҳамда КвандоИ (Замбези дарёси [ ирмоги) дарёси этагигача етиб борди. 1853-1854 йилларда Замбези дарёси бўйлаб юриб, Атлантика океанининг Луанда соҳилларига чиқди. 1855 йилида Замбези дарёсининг бутун оқимини делтасигача ўрганди ва европалилардан биринчи бўлиб Виктория шаршарасини кўришга муяссар бўлди. 1856 йил майда Келимане шаҳри яқинида Ҳинд океани соҳилига етиб келиб, материкни кесиб ўтишни якунлади. Буюк Британияга қайтиб, 1857 йилида саёҳати ҳақида асарларини нашр қилдирди; ушбу саёҳати учун Ливингстон Давидни Қироллик география жамияти олтин медал билан тақдирлади. Саёҳати даврида Ливингстон Давид 1000 дан ортиқ пунктларнинг жойлашган ўрнини аниқлади; биринчи бўлиб Жанубий Африка релефининг илмий тавсифини берди. Замбиядаги шаҳар, Шарқий Африкадаги тоғлар, Конго дарёсидаги шаршара Ливингстон Давид номи билан аталади. Ливингстон Давид инсонпарвар бўлган, қуллар билан савдо қилишга қарши курашган. Шотландияда Глазго шаҳри яқинида Ливингстон Давид мемориал музейи бор.