
Мах (Мach) Эрнст (1838.18.2, Моравия – 1916.19.2, Мюнхен яқинидаги Хар шаҳри) – австралиялик файласуф, физик. Вена университетида приват-доцент (1861), Грац университетида физика профессори (1864), Прагадаги немис университетида физика профессори ва ректор (1867), Вена университетида фалсафа профессори (1895-1901). Мах физика ва фалсафа соҳасида йирик тадқиқотлар олиб борган. Унинг илмий ғоялари назарий механика, оптика, акустика, космология ва билиш назариясида салмоқли ўрин эгаллайди.
Мах том маънода классик механикага асосланган оламнинг илмий манзарасини ўзгартиришга киришган журъатли олимлардан бири. А. Эйнштейн нисбийлик назариясини кашф этишда ўзига Махнинг асарлари катта ёрдам берганлигини таъкидлаган.
Мах позитивистик фалсафанинг 2-босқичи ҳисобланган эмпириокритицизм фалсафасининг асосчиларидан бири сифатида классик механиканинг “абсолют фазо-вақт” ҳақидаги тасаввурларига релятивистик нуқтаи назарни қарама-қарши қўйиш асосида воқеликни сезгилар мажмуаси сифатида талқин этади .
Мах сабабият, зарурият, субстанция тушунчаларини “тажрибадан” ташқари, “тажрибада” бўлмаган тушунчалар сифатида талқин этган. Мах мансуб бўлган эмпириократицизм фалсафаси 20-аср арафасида физикадаги буюк кашфиётларни материализмга таянмасдан янгича тушунишга йўл очувчи принципларни илгари сурди. Аммо бу принциплар янги физиканинг моҳиятини англаш учун етарли эмас эди, чунки, микродунё ҳодисаларини макроскопик тарзда талқин этиш объектнинг асл моҳиятини англашга тўсқинлик қиларди. Шу сабабли позитивизмнинг бу кўриниши фалсафа тарихида ўткинчи бир ҳодиса бўлиб қолди, холос. Асосий асарлари: “Сезгилар таҳлили”, “Механика”, “Билиш ва янглишиш” ва бошқалар.