
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартлар
даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш,
шунингдек, чет элдаги етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни кенгайтириш
мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2014 йил 24 мартда
"Тошкент шаҳрида Инха Университетини ташкил этиш тўғрисида" қарор
қабул қилинди.Ушбу қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Инха Университетининг
асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган: Ахборот-коммуникация
технологиялари соҳасида, биринчи навбатда, дастурий таъминот ишлаб чиқиш,
ахборот тизимларини ва компютер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро
стандартлар даражасида юқори малакали дипломли мутахассисларни тайёрлашни
таъминлаш;Республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологиялари
асосида ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий этиш,
соғлом рақобатни ва очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга
кўмаклашиш;Республикада ахборот-коммуникация технологиялари тармоғида узлуксиз
таълим ва малака ошириш тизимининг шаклланишига, ушбу соҳада илмий-тадқиқот ва
таълим муассасалари, дастурий таъминотлар ишлаб чиқувчилар, ишлаб чиқариш
корхоналари, саноат ва инфратузилма тармоқлари, бошқа замонавий ахборот
технологиялари истеъмолчилари ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилишига
кўмаклашиш;Халқаро стандартларга мувофиқ, иқтисодиётнинг реал тармоғи аниқ эҳтиёжларини
инобатга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори
малакали мутахассисларни тайёрлашни кўзда тутувчи мақсадли таълим дастурларини
ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш.Тошкент шаҳридаги Инха Университети
юридик шахс мақомидаги олий таълим муассасаси - Ўзбекистон Республикаси
резиденти саналиб, ўзининг алоҳида мулкига, мустақил балансига эга бўлади, ўз
мажбуриятлари, тасарруфидаги пул маблағлари ва мулклари бўйича жавоб
беради;Ўқув-услубий бошқарув ва таълим жараёнини юритиш Инха Университети
(Корея Республикаси) томонидан, имзоланадиган келишувлар асосида, илғор
педагогик ва ахборот технологияларини қўллаган ҳолда таъминланади;Талабаларни
ўқитиш инглиз тилида таълимнинг кундузги шаклида Инха Университети (Корея
Республикаси) ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси
давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади;Университет битирувчиларига Инха Университети (Корея
Республикаси)нинг белгиланган намунадаги, Ўзбекистон Республикасида олий таълим
тўғрисидаги ҳужжат деб тан олинадиган дипломи берилади;Университет
абитуриентларини қабул қилиш ва битирувчиларининг аттестацияси Инха
Университети (Жанубий Корея) томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, Ўзбекистон
Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга
оширилади.Қарор билан Васийлар кенгаши ва Тошкент шаҳридаги Инха Университетини
яратиш бўйича Идоралараро комиссия таркиби тасдиқланди.Тошкент шаҳридаги Инха
Университетида таълим ва мутахассислар тайёрлашнинг асосий йўналишлари
(ихтисосликлари) белгиланди. Бу - компютер инжиринги, дастурий инжиниринг ва
компютер тармоқлари инжиниринги.Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация
технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус
таълим вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларга Тошкент шаҳридаги Инха
Университети таъсис ҳужжатларини тасдиқлаш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказишни
таъминлаш топширилди.Тошкент шаҳридаги Инха Университети талабаларни 2014/2015
ўқув йилидаёқ, жорий йил 1 октябрдан қабул қилишни режалаштирмоқда.Инха
Университети 1954 йили ташкил этилган, ҳозирда унда 20 минг нафардан зиёд
талабалар турли ихтисосликлар, жумладан, АКТ йўналиши бўйича таҳсил олади. "Жоонг Анг Илбо" нашриёти рейтингига кўра,
Университет муҳандислик ва ахборот технологиялари йўналиши бўйича энг яхши олий
ўқув юртлари бешлигига киради.