
Вольтер (Мари Франсуа Аруэ) 1694
йил 21 ноябрда Парижда туғилган. Француз ёзувчиси, философи, тарихчиси. Франция Фанлар Академияси аъзоси (1746). Нотариус оиласида туғилган. Ҳукмрон феодал идеологиясига,
черков фанатизмига қарши кураш олиб борди, сиёсий озодлик ғоясини халқ оммасини
ўртасида кенг ёйди. Эркин фикрлиликда айбланиб икки марта қамалди (1717-1725).
Англияга сургун қилинди (1726). Умрини кўп қисмини мухожирликда ўтказди.
Вольтернинг ижтимоий-сиёсий ғоялари феодал-крепостнойлик тузумига қаратилган
бўлиб, француз буржуазияси идеологиясини ифодалайди. У Франция ижтимоий ва
давлат тузумини аста-секин ўзгартириш ғоясини олға сурди. Қонун олдида барча
гражданларнинг тенглигини, сўз эркинлигини, cолиқларнинг барчага баробар
бўлишини ва бошқа тенгликни талаб қилса-да, лекин ижтимоий тенгсизликни
муқаррар ҳол деб билди. Унинг фикрича конститутцияли монархия энг оқилона
давлат тузумидир. Вольтер “Буюк Пётр давридаги Россия тарихи” (1759-1763) китобида
Пётрни идеаллаштириб, маърифатли монарх образини яратди. Ж.Локк, И.Нъютон,
Г.В.Лейбницнинг философик таълимотларини ҳимоя қилди. Субъектив идеализмга
қарши курашиб, объектив борлиқни ва уни сезги органларимизга таъсир қилиши натижасида
сезги пайдо бўлишини, тажриба билиш манбаи эканлигини эътироф этди. Моддий
дунёнинг мавжудлигини, жамиятнинг олдинга қараб тараққий этиб боришини тан
олса-да, айни вақтда “уни ҳаракатга келтирувчи куч” худо, деб билди. Вольтер
динни қатиқ танқид қилса-да, халқ оммасини итоатда сақлаш учун дин зарур деб билди. Йирик философик асарлари: “Философик
мактублар” (1733), “Мегафизика тўғрисидаги трактат” (1734). “Ньютон философиясининг
асослари” (1738), “Философия луғати” (1764-69), “Жоҳил философ”(1766). Вольтер
лирик шеър, поэма, сатира, ҳикоя, повесть ва драмаларида феодал тузумни
қоралади, христианлик ва католик черкови устидан кулди.