
Боровков Александр Константинович
(1904.16.03, Тошкент-1962.15.11, ҳозирги Санкт-Петербург)-туркийшунос олим. Ўзбекистон Фанлар
Академияси мухбир аъзоси (1943). Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган фан арбоби (1945), профессор (1935). Ўрта Осиё давлат унверстетининг
шарқшунослик факултетини тамомлаган (1928). Москвадаги Шарқшунослик институтида
катта илмий ходим, бўлим мудири, директор ўринбосари (1934-1938, 1945-1960), Ўзбекистан
Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтида директор ўринбосари, айни вақтда
Тошкент давлат педагогика институтда ўзбек тили кафедраси мудири (1938— 1945),
Москвадаги Тилшунослик институти Ленинград бўлимининг директори (1961 йилдан). Боровков
Александр Кирилл графикаси асосида ўзбек алифбоси имлосини ишлаб чиқишда
қатнашган, туркий халқларнинг этнографияси, фольклори ва тилига оид иш ташкилотларини
олиб борган. Ўзбек тили шеваларини ўрганган. Боровков Александр эски ўзбек
ёдгорликларининг лексик-грамматик ва тил хусусиятларини тадқиқ этиб, «Шарқ тиллари
тарихи ва грамматикаси масалалари» (1958), «Ўзбек тилининг грамматикаси қисқача
очерклари» (1959), Аҳмад Яссавий «Ҳикматлари» нинг тили ва Алишер Навоий
асарларининг тил хусусиятларига оид илмий асарлар яратган. «Бадое ул-луғат»
(1961), «12— 13-аср Ўрта Осиё тафсирининг лексикаси» (1963)ни нашр эттириш
билан Боровков Александр эски ўзбек тилининг мукаммал луғатини тузишга асос
солди. Беш жилдли «Русча-ўзбекча луғат» (1950—1955) ва бир жилдли
«Ўзбекча-русча луғат» (1959) ни тузищда иштирок этган. Боровков Александр
туркий халқларнинг «Алпомиш», «Манас», «Қўблон», «Қўзи Кўреш ва Баян сулув»
каби эпосларини ўрганиб, «Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларининг туркий тиллари
эпосини ўрганиш масалалари» (1958), «Алпомиш ҳақидаги қаҳрамонлик поэмаси»
(1959) каби илмий асарлар яратган.