ШАХСИЙ КАБИНЕТГА КИРИШ
.
ССЕНАРИЙЛАР
Бирорта ҳам ссенарий топилмади!
АРХИВ
Ноябр 2019
ЯкДуСеЧоПаЖуШа
     12
3456789
101112141516
17181920212223
24252627282930
ФОЙДАЛИ САЙТЛАР
Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди
0000-10-23

  Самарқандда ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 40 мамлакатидан меҳмонлар иштирок этди. Шу куни Хартанг қишлоғида Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуининг очилиш маросими бўлди.

 Имом Исмоил ал-Бухорий - таниқли мухаддис олим, ҳадис илмининг султони. Ҳадис илмига ўзининг ақл-заковатини бахшида этиши, ислом дунёсининг энг буюк алломаларидан бири сифатида танилишида катта ҳисса қўшди. Ёш авлодни диний қадриятларимизга, анъаналаримизга, садоқат руҳида тарбиялашда Бухорийнинг бой маънавий мероси тарбиявий аҳамиятга молик. 

Таржимаи ҳол

Отаси Исмоил ўз даврининг етук мухаддисларидан, Молик ибн Анаснинг шогирди ва яқинларидан бири бўлиб, тижорат ишлари биланшуғулланган. Онаси тақводор, диёнатли, оқила аёл эди. Отаси вафот этгач, унинг тарбияси волидаси зиммасига тушган. У 5-6 ёшдан исломий илмларни, Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга киришади. 

Таниқли мухаддислар – ал – Дохилий Муҳаммад ибн Салом ал-Пайкандий, Муҳаммад ибн Юсуф ал – Пойкандий, Абдуллох ибн Муҳаммад ал-Маснадий ва бошқалардан сабоқ олган. Азалдан мухаддислар сафарга чиқишдан олдин ўз юртидаги ровийлардан бирорта ҳам ҳадис колдирмасдан ёзиб олган бўлиши ва шундан кейингина бошқа шаҳар ёки мамлакатга сафарга отланиши мумкин эди. 

Бухорий 16 ёшга етгунча, ўз юртидаги машойихлардар ҳадис эшитиб, ёзиб олиб, халифаликнинг турли вилоятлари томон йўл олади. 825 йил Бухорийнинг онаси ва акаси Аҳмад биланМаккага келиб, ҳаж ибодатини адо этади. Онаси ва акасини Бухорога қайтариб, ўзи Маккада қолади. Бу ерда фаолият кўрсатаётган машойихларнинг илмий йиғинида қатнашади. 827 йили Мадинага боради. 

Мадинадаги машҳур уламолардан Иброхим ибн ал-Мунзир, Мутриф ибн Абдуллох, Иброхим ибн Ҳамза ва бошқалар билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадислар бўйича сабоқ олади. Бу вақтда Расулуллоҳнинг саҳобалари, саҳобаларнинг издошлари турли мамлакатга тарқаб кетган эдилар. Шундай шароитда Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадисларини тўплаш турли шаҳар ва мамлакатларга боришни тақозо қилар эди. Бир неча тарихчиларнинг таъкидлашича Бухорий Хижоз, Мака, Мадина, Тоиф, Жиддага қилган рихлати 6 йил давом этган. 

Сўнг, Басра, Қува ва Бағдодга сафар килади. Шом ва Мисрга ўтади. Бундан ташқари Хуросон, Марв, Балх, Хирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларда бўлиб, бу шаҳарлардаги олимлардан сабоқ олди ва ҳадислар тўплади. Хорижий юртлардаги сафардан кейин Бухорога қайтгач, ҳадис илмини тарғиб этишга киришади. Ул зотнинг саъйу ҳаракатлари бу вақтда Бухорода ҳукмдорлик қилган Холид ибн Аҳмад аз-Зухлийга хуш келмайди. 

Шу сабабли, Бухорий Бухорони тарк этиб, Пойкентга, кейин эса Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғига келиб яшашга мажбур бўлади ва шу ерда вафот этади. 

Бухорий бутун фаолияти давомида илм кишиларини маънавий ва моддий жихатдан қўллаб-кувватлаган. Тижорат қилганда топган даромадидан ойига 500 дирҳамдан фақиру мискинларга илм толибларига сарфлаган. Шахсий ҳаётида ортиқча дабдаба, сарф-харажатларга йўл қўймаган. 


Бухорий умр бўйи ҳадисларни тўплаш ва тизимга солиш билан шуғулланган. Уларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри саҳиҳ (ҳато, заиф)га ажратган. Бу ишни ҳадис ровийларининг маиший ҳаётлари, яшаш жойлари, туғилган ва вафот этган саналари, бир-бирлари билан қилган ўзаро муносабатларини ўрганиш билан боғлик ҳолда олиб борган. 

Бухорий жами 600 мингга яқин ҳадис тўплаган бўлиб, шундан 100 минг «саҳиҳ» ва 200 минг «ғайрисаҳиҳ» ҳадисни ёддан билган. Бухорий ўзининг ноёб қобилияти иқтидори, қувваи хофизасининг ўта кучлилиги билан илм аҳилларини лол қолдирган. Ҳадис илмига ўта фидоийлик, ақл-заковатини бахшида этиш, Бухорийга шон-шараф келтирди. Унинг ислом дунёсининг энг буюк алломаларидан бири сифатида танитди. 

Бухорий 20 дан ортиқ китоб тасниф этган. Улардан айримлари бизгача етиб келган. Бухорийнинг «Ал-жомий ас-саҳиҳ» «Ишончли тўплам») деб номланган 4 жилд (жус)дан иборат ҳадислар тўплами ислом оламидаги бошқа мухаддислар тузган ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир. Асар бир қанча хорийжий тилларга таржима қилинган. Шу жумладан ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, 1991-1996 йилларда 4 жилдда нашр этилди. 

Бухорий яратган «Ал-адаб ал-Муфрад» («Адаб дурдоналари») асари катта тарбиявий аҳамиятга молик беназир тўпламдир. 1322 ҳадис ва хабар жамланган бу асар Туркия ва Мисрда бир неча марта Чоп этилган. Унинг ўзбекча таржимаси 1990 йилда Тошкентда нашр қилинган. Ровийларнинг куняларига бағишланган «Китоб ал-Куна» («Кунялар ҳакида китоб») 1940 йили Ҳиндистонда чоп этилган. Бухорийнинг «Ат-тарих ал-кабир» («Катта тарих») китоби эса Туркияда 9 жилдда нашр этилган. 

Асар қўлёзмасининг баъзи қисмлари Хайдаробод кутубхонасида сақланади. Шунингдек, «Ат-тарих ас-сағийр» («Кичик тарих») ҳам ҳадис тарихига оид қимматли асар ҳисобланади. Бу асар Ҳиндистон ва Қохирада чоп этилган. Бухорийнинг яратган «Китоб ал-Фавоид» («Фойдали ашёлар ҳақида китоб»), «Ал-Жомий ал-Кабир» («Катта таянч»), «Хал афъол ал-ибод», («Аллох бандалари ишларининг табиати»), ва бошқа асарларнинг баъзилари бизгача етиб келмаган. Баъзилари жаҳоннинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланаётганлиги ҳакида маълумотлар бор. 

Бухорийнинг бошқа асарлари орасида «Тафсир ал-Куръон» («Куръон тафсири») китобини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча мадраса ва дорилфунунларида пайғамбар (с.а.в.) суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади. Жамоат арбоблари, олиму уламолар ва дин пешволари Бухорий асарларига таяниб иш тутадилар. 


Истиқлол шарофати билан Бухорийнинг ўлмас мероси Эл-юрти бағрига қайтди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг «Имом ал-Бухорий таваллудининг хижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори (1997 йил 29 апрел) асосида Бухорийнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб килиш, хотирасини абадиийлаштириш борасида катта ишлар қилинди. 

1998 йил 23 октябрда Самарқанда юбилей туй-тантаналари бўлиб ўтди. Аллома абадий қўним топган Челак туманидаги Хартанг қишлоғида улкан ёдгорлик мажмуи очилди. Бухорийнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб килиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг ташаббуси биланИмом ал-Бухорий халкаро жамғармаси тузилди. 

Жамғарманинг асосий вазифаси Куръони карим ва Бухорийнинг «ал-Жомиъ ас-саҳиҳ»и таржималарининг академик нашрларини тайёрлаш, буюк исломшунослар илмий меросини тадқиқ этиш, диний-фалсафий мавзуларда илмий анжуманлар ўтказиш ва улар ёрдамида ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат. 

2000 йилдан бошлаб мазкур жамғарма ўзининг маънавий-маърифий, илмий-адабий «Имом ал-Бухорий сабоқлари» журналини нашр эта бошлади. Журнал халкимизни миллий маънавий меросимиздан бахраманд этиш, миллий, диний қадриятларнинг соғлом идрок этилишига ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ўзбекистонда Бухорийнинг хотираси муносиб тарзда абадийлаштирилган. Тошкент Ислом институтига Бухорий номи берилган. Бухорийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб бир неча тилларда китоб-альбом, 2 қисмли фильм, «Ҳадис илмининг султони» 4 қисмли киноқисса яратилган.


Сайт “OPEN WEB” томонидан тайёрланган