Лондондаги Трафалгар майдонининг тўртинчи постаментида ёрқин кўк рангли улкан xўроз кўринишидаги ҳайкал 2013 йилнинг 19 мартда расмий равишда очилди. Ҳайкал муаллифи немис ҳайкалтароши Катарина Фричдир. Унинг ушбу ижод маҳсули Лондонда “ўзига xос уй xўрози” дея таърифланди. Очилиш маросимига минглаб томошабинлар қаторида Лондон мери Борис Жонсон ва муаллифнинг ўзи ҳам келишди. Тақдимотда оддийгина “Xўроз” деб номланган бу ҳайкалга “янгиланиш ва куч-қудрат рамзи” дея изоҳ берилди. Парранда-ҳайкал баландлиги 4,72 метр. Бундан аввал айнан шу жойда 4,1
метр баландликдаги арғимчоқ отда ўтирган боланинг бронза ҳайкали бор эди. Нелсон шарафига ўрнатилган ҳайкалдан ташқари, Трафалгар майдонида 4 та постамент мавжуд. Уларнинг учтасида классик ҳайкаллар: Георг IV ва икки саркарда — генерал Чарлз Напйер ҳамда Генри Xейвлок ҳайкаллари қад кўтариб турибди. Тўртинчи постамент эса 1841-йилдаёқ қўйилган, лекин, маблағ етишмовчилиги туфайли қарийб 150 йил мобайнида бўш турган. 1999-йилдан буён унга бир-бирини алмаштирган ҳолда замонавий ҳайкалтарошларнинг ишлари жойлаштириб борилган. Франсиянинг анъанавий рамзи ҳисобланган xўроз Лондон марказий майдонида пайдо бўлди.