
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор ва дирижёр Хайри Изомов 30- йилларда мусиқа дунёсига кириб келди. Ўзбек профессионал композиториларининг иккинчи авлодига мансуб. Ўзининг кўп қиррали ижодий ва дирижёрлик фаолияти билан республикамиз мусиқа санъати ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Изомов Хайри Ғуломжон ўғли Бухоро шаҳрида, зиёли оиласида 1922 йилнинг 30 декабрида таваллуд топган. 1928 йилдан умутаълим мактабида ўқиди. Болалигидан мусиқага қизиқар эди. 1931 йили Бухоро мусиқа техникумида скрипка бўйича ўқиди ва 1935 йили битирди. 1935-1936 йилларда Бухоро мусиқали драма театрида созанда бўлиб ишлади. Ўзбек давлат филармонияси қошида ўзбек чолғулари ансамбли ташкил топган эди. Мазкур ансамблга бошқа созандалар қатори 14 ёшли Хайри Изомов ҳам ишга таклиф қилинди. У 1937 йили Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъти декадасида энг ёш созанда сифатида қатнашди. Х.Изомов 1964-1966 йилларда Афғонистон ҳукумати таклифига биноан Қобул радиосида маслаҳатчи бўлиб ишлади. 1966 йили Тошкентга қайтгач, радио қошидаги «Ўзбек ҳалқ чолғулари» оркестрида дирижёр вазифасида ишини давом эттирди. Х.Изомов дирижёрлик ва жамоатчилик ишлари билан банд бўлишига қарамай мусиқанинг турли жанрларида янги-янги, жозибали асарлар яратди. У яратган эстрада қўшиқларидан «О, Дилбар», «Бу Муҳаббат», «Салам-алейкум», «Ишва кўз», (С.Холмуҳамедов сўзи) машҳур бўлиб кетди. Бастакорлар уюшмасининг оммавий жанрлар комиссиясига узоқ йиллар раислик қилган. 1954 йили «Ўзбекистон ҳукуматининг фахрий ёрлиғи», 1967 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» ва 1974 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвонлари ва 2000 йилда «Эл- юрт ҳурмати » ордени билан тақдирланган.