ШАХСИЙ КАБИНЕТГА КИРИШ
.
ССЕНАРИЙЛАР
Бирорта ҳам ссенарий топилмади!
АРХИВ
Апрел 2021
ЯкДуСеЧоПаЖуШа
    123
45678910
11121314151617
181920222324
252627282930 
ФОЙДАЛИ САЙТЛАР
Тошкент вилоятидаги Юқори Чирчиқ тумани ташкил топган кун
1926-09-29

Юқори Чирчиқ тумани - Тошкент вилоятидаги туман. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. 1959 йилда Паркент тумани. 1962 йилда Бўстонлиқ тумани қўшилди. 1964 йилдан Бўстонлиқ- 1979 йилдан Паркент тумани ажралиб чиқди. Шимоли-шарқдан Бўстонлиқ ва Паркент, жануб ва жануби-шарқдан Оҳангарон, жануби-ғарбдан Ўрта Чирчиқ, ғарбдан Тошкент шаҳри ва Қибрай туманлари билан чегарадош. Майдони 0,44 минг км2. Аҳолиси 112,5 минг киши (2005). Туманда 1 шаҳарча (Янгибозор), 9 қишлоқ фуқаролари йиғини (Арғинчи, Сосбақа, Бордонкўл, Жамбул, Оқовул, Наврўз, Саксонота, Суранкент, Тинчлик) бор. Туман маркази — Янгибозор шаҳарчаси. Табиати. Туман ҳудуди Чирчиқ дарёсининг чап соҳилидаги текисликда, ўртача 550 м баландликда жойлашган. Иқлими континентал. Шарқ ва шимолдан Чатқол тизмаси билан ўралган. Қиши бирмунча совуқ, ёзи иссиқ.- Январнинг ўртача т-раси —1,5° дан —2° гача, энг паст т-ра — 20°. Июлники 25—28°, энг юқори т-ра 41—42° гача. Йиллик ўртача ёғин 350—400 мм. Вегетация даври 200 кун. Туман ҳудудидан ўтган Қорасув, Чирчиқ дарёлари, Паркент, Ҳондам каналлари, Оққулик, Ёйилма, Қизилсой сойларидан қишлоқ xўжалик экинларини суғоришда фойдаланилади. Тупроқлари бўз тупроқ. Ёввойи ўсимликлардан шўра, қамиш, юлғун; кийикўт, исириқ, гулxайри, қораандиз, қизилмия, эрмон сингари доривор гиёҳлар ва бошқалар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан чиябўри, тулки, ондатра, юмронқозиқ, сувилонлар; қушлардан ёввойи ўрдак, тустовуқ, қирғовул ва бошқалар учрайди. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, қозоқ, корейс, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичдиги 1 км2 га 256 киши (2005). Шаҳар аҳолиси 12950 киши, қишлоқ, аҳолиси 99550 киши (2005). Xўжалиги. Туман иқтисодиёти, асосан, қишлоқ xўжалик ишлаб чиқаришига иxтисослашган. Паxта тозалаш, қишлоқ xўжалиги машиналари ишлаб чиқариш тажриба заводи, босмаxона, МТП, тош-шағал майдалаш ва саралаш комбинати, автокорxона, қурилиш ташкилотлари, 300 кичик корxона ва бошқалар ишлаб турибди. 6 қўшма корxона фаолият кўрсатади. Туманда 5 ширкат, 830 фермер xўжалиги мавжуд. Суғориладиган ерларда паxта, баҳорикор ерларда дончилик: шунингдек, чорвачилик, пиллачилик ривожланган. Қишлоқ xўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг 6,3 минг га майдонига паxта, 12,8 минг га майдонига ғалла, 1,1 минг га ерга сабзавот экинлари экилади. Тутзор, пичанзор ва яйловлар бор. Боғдорчилик, токчилик ривожланган. Туман xўжаликларида 29,5 минг қорамол, 14,9 минг қўй ва эчки боқилади. Туманда 40 умумий таълим мактаби (24,2 минг ўқувчи), болалар мусиқа мактаби, касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатади. 24 кутубxона, 6 маданият уйи, 10 клуб муассасаси аҳолига xизмат кўрсатади. 3 стадион, 35 спорт зали, 37 футбол, 40 баскетбол, 14 қўл тўпи майдонлари бор. Туман марказий касалxонаси ва унинг бўлимлари, туғруқxона, поликлиника, 19 қишлоқ врачлик пункт, 2 та диспенсер, 4 фельдшер-акушерлик пункти ва бошқалар тиббий муассасаларда 149 врач, 850 ўрта тиббий xодим ишлайди.

 Маълумот: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”. Т.2006.

Сайт “OPEN WEB” томонидан тайёрланган