ШАХСИЙ КАБИНЕТГА КИРИШ
.
ССЕНАРИЙЛАР
Бирорта ҳам ссенарий топилмади!
АРХИВ
Феврал 2021
ЯкДуСеЧоПаЖуШа
 123456
78910111213
14151617181920
212223242526
28      
ФОЙДАЛИ САЙТЛАР
Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев таваллуд топган кун
1910-12-05

Сойиб Хўжаев  1910 йил  5 декабрда Андижон  вилоятидаги  Хонобод  қишлоғида  Худойназарhожи ака хонадонида таваллуд топган.  11 ёшида  отасидан етим қолиб, акаси Хўжаназарнинг қўлида  катта бўлган Сойибжоннинг болалиги осон кечмади. Аммо муаммоларни сабр-бардош билан  енгган бўлажак санъат устаси болалигиданоқ ҳазил-мутойибага, томоша ва ҳангомаларга ўч бўлиб ўсди. 1921 йили Юсуфжон қизиқнинг халқ анъанавий театри билан илк учрашуви  Сойибжонда катта таассурот қолдирди. Унинг ўзи ҳам аслида кўрган-билганларини биродарларига  ўзидан бир оз қўшиб, жонлантирилиб, қизиқарлироқ тарзда айтиб бериш ва шу орқали  ҳаммани кулдира олиш қобилиятига эга эди.

Қуралай кўз, қуралай, туйнугиндан  мўралай,

Сен ялло айтганингда, оҳангига йўрғалай.

Ушбу  қўшиқни  эшитган ҳар қандай мухлисининг  кўз олдига  қадрдон  бир сиймо- Сойиб Хўжаевнинг  қиёфаси  келиши ва беихтиёр чеҳрасига табассум ёйилиши табиий. Буюк  истеъдод соҳиби, ўзбек халқининг ардоқли санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти  Сойиб (Соҳибжон ) Хўжаев  ўзининг ажойиб истеъдоди, бетакрор ибоалари билан санъатсеварлар юрагидан  жой олган сўз устаси ҳам эди.  1927 йили  Қўқон театри саҳнасида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий раҳбарлигида Ғулом Зафарийнинг  «Ҳалима » спектакли  қўйилаётган  пайтда соқов хизматкор  роли учун бир бола керак бўлиб қолди.  Ўша вақтлари театрда хизмат қилаётган  Миршоҳид  Мироқиловнинг нигоҳи кўзлари  ёниб турган йигитга тушди-да, уни ролга санаб кўриш учун имлади. Сойибжон  ролни  маромида ўйнаб бергани учунми, спектаклдан  сўнг Ҳамзанинг ўзи  Миршоҳид  акага қараб: «Мана сизга ҳам муносиб шогирд топилди», деган экан кулиб. Санъатнинг сирли ва машаққатли оламига шу тариқа кириб келган Сойиб Хўжаев    кейинчалик бор умри  ва меҳрини  мана шу  соҳага сарфлади. Тинимсиз меҳнат, кузатувчанлик  билан ҳаётни ўрганиш   ўз самарасини  бериб, у секин-аста театрнинг маҳоратли актёрлари сафидан муносиб ўрин эгаллади.  Сойиб Хўжаев  1928-1939 йилларда Андижон мусиқали драма театрида  ижод қилди. Актёр “Маликаи Турандот”да Труфальдино, “Ўртоқлар”да Соли домла, “Бой ила хизматчи”да Холмат, каби кўпроқ комик ролларни зўр маҳорат билан ижро этиб мухлислар олқишига сазовар бўлди. Сойиб Хўжаевнинг кейинги 43 йиллик фаолияти Тошкентдаги Муқимий номли мусиқали драма ва комедия театрида давом этди.  Кейинчалик театрнинг «Олтин даври»  деб тан олинган  ўша йилларда актёр  саҳна  кулгиси, сатира ва юмор воситаларини  яхши ўзлаштирди. Актёрни  халққа танитган  ва юксак  маҳорат  билан  ижро этган   роллари  орасида адиб Ҳамид Ғулом ва бастакор  Манас Левиевнинг «Тошболта ошиқ» асари алоҳида ўрин тутади.  Мазкур асарнинг  кўп йиллар давомида  сира саҳнадан  тушмагани  (театрда асар 1500 марта қўйилган),  ундаги  образини  актёр ҳар сафар янгича  бир талқин,  ўзгача  қирра билан  ижро этгани бор ҳақиқат. Сойиб Хўжаев Наби Ғаниевнинг «Насриддиннинг саргузаштлари» (1946) ва «Фарғона қизи»(1948) фильмларда  бир-биридан  фарқ қилувчи  икки замон кишиси, икки турдаги  чойхоначи ролини ўйнади.  Актёр халқ оғзаки ижодини яхши билган Наби Ғаниев кўмагида ушоқ образларини мукаммал талқин қилиб, ўлмас қаҳрамонга айлантирди. Актёр ўзининг 72 йиллик умри давомида барчага  баробар кулги, хурсандчилик улашиш орқали санъат шинавандаларини  кўнглини забт этди. Санъат аҳлининг энг ҳаққоний ва одил ҳакамлари-мухлислар томонидан юксак баҳоларга сазовар бўлган  буюк истеъдод соҳиби Сойиб Хўжаевнинг бор маҳорати, кучи чиндан ҳам одамларни оддий гаплари билан кулдира олиши эди.


Сайт “OPEN WEB” томонидан тайёрланган