Ўзбекистон
халқ артисти. Актёр ва режиссёр Убайдулла Бақоев
(Убайдулла Омон) 1948 йил 31 октябрда Бухорода туғилган.
Унинг саҳнадаги илк қадамлари 1962 йил Бухородаги Садриддин Айний номли вилоят театрида
оммавий саҳналарда ижро этган ролларидан бошланган. Сўнг пойтахтдаги “Ёш гвардия” театрида қатор спектакллар саҳналаштирган. Улар орасида томошабинлар
томонидан қизғин қабул қилинган ёзувчи Шуҳратнинг
“Беш кунлик куёв” асари 700 марта қўйилган.
Тақдир тақозоси билан 1972 йили Бухоро
театрига қайтиб, ҳозирга қадар “Ревизор”, “Номус”, “Аршин мололон”, “Ибн Сино” , “Гамлет”, “Абулфайзхон” каби 50 га яқин спектаклларни саҳналаштирди. Кинодаги биринчи роли 1969
йили режиссёр Анатолий Қобулов томонидан суратга олинган “Баҳор ёмғирлари” фильмидаги бош қаҳрамон Самиғ образи бўлди. Охирги беш йил давомида эса “Сарвиноз” , “Фотима ва Зуҳра”, “Телба” , “Фарёд”, “Тавба” каби 20
га яқин фильмларда турли образлар яратиб, мухлислар меҳрига сазовор бўлди. Убайдулло Омон
тожик киночиларининг “Шаҳризоданинг сўнгги туни”, “Қилич ва кўз ёшлар”, россиялик киночиларнинг “Родина ждёт”, “Платина” ва
америкалик киночиларнинг “Умар Хайём” фильмларида қатор
образлар талқин этган кенг қамровли ижодкордир. Тошкент театр ва рассомлик институтини 1971
йили, Москвадаги киноматография институтини 1996 йили битиргач, Ленинград катта драматик театри қошидаги Георгий Товстоногов
ижодий лабораториясида тўрт йил таҳсил олиб, етук
мутахассис бўлиб етишган. Ўзбек киноси 84 йиллик фаолияти давомида шаклланиб, миллий маданий меросимизнинг
ажралмас қисмига айланди. Шу ўтган даврда ўзбек киносини дунёга танитган, нафақат иқтидори, балки дунёқараши, фикрлаши, асар яратиш услуби, тақдири билан бир-биридан фарқ қиладиган таниқли киноарбоблар, актёрлар етишиб чиқди. Ўзбек киносининг омадли ва қобилиятли санъаткорлардан бири ўз ишининг моҳир
устаси, айниқса,
охирги йилларда нафақат ўзбек, балки қатор
хориж фильмларида унутилмас ва қизиқарли
образлар яратиб, томошaбинларнинг меҳрига сазовор бўлган
меҳнатсевар ижодкордир.
Маълумот:
Олис юлдузлар шуъласи. “Янги аср авлоди”. Тошкент.2013.