
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 5-декабр куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлди ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг суҳбати бўлиб ўтди. Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов дўстона муҳитда, ўзаро ишонч ва очиқлик руҳида ўтган суҳбатда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини, мамлакатларимизнинг МДҲ доирасидаги ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилдилар. МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иқтисодий ва гуманитар соҳаларда, хавфсизликни таъминлашда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди. Таъкидлаш керакки, Ҳамдўстликнинг ташкил этилиши янги мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ тарихий шароитларда анъанавий гуманитар, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни сақлаб қолишдаги объэктив зарурат билан изощланади. Ўтган йиллар давомида МДҲ ўзини сиёсий, иқтисодий, гуманитар ҳамкорлик масалаларини халқаро-ҳуқуқий воситалар ёрдамида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича сиёсий платформа сифатида керакли ташкилот эканлигини намоён этди. МДҲ ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги шаклини яратиш, минтақавий ва минтақалараро ривожланиш масалаларини ҳал қилишда муҳим рол ўйнади ва ўйнамоқда. Ҳамдўстлик мамлакатлари йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳамда бугунги куннинг долзарб вазифаларини ҳал қилишда МДҲнинг салоҳиятини мустаҳкамлашга интилиб келмоқда. Айни пайтда Ашхобод саммити иштирокчилари МДҲ доирасидаги мавжуд кып томонлама щамкорлик механизмларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиётини янада ривожлантиришга, халқлари фаровонлигини таъминлашга эришиш учун Ҳамдўстлик фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар.