
Инглиз шоири ва
ёзувчиси Жозеф Редьярд Киплинг 1865
йилнинг 30 декабрь куни Бомбей шаҳридаги Санъат мактабининг директори, профессор Жон Локвуд ва Алиса Киплинглар оиласида
таваллуд топган. Редьярнинг отаси касбига
кўра ҳайкалтарош ва безакчи эди, онаси эса маҳаллий журналларга мақоллар ёзиб турарди. Киплинг олти ёшга
етгач, Ҳиндистонда яшайдиган
инглизларнинг ўша даврдаги мавжуд
анъанасига кўра, синглиси билан Англияга
ўқишга юборилади. Улар хусусий
пансионда яшашар, байрам кунлари эса тоғаси, рассом Эдуард Берн Жонсларникига
боришарди. Болалигида пансион хўжайини томонидан қанчалар сиқувга олингани Киплингнинг 1988
йилда чиққан “Қоп қора ювош одам”
ҳикоясида, шунингдек, 1890 йилда эълон қилинган “Чироқ ўчди” романи ҳамда 1937
йилда чиққан “Таржимаи ҳол” ида ўз ифодасини топган. 1978 йилда бўлажак шоир
Девондаги ўқув юртига жўнатилади. Бу
билим юртида зобитларнинг болалари нуфузли ҳарбий академияларига ўқишга кириш учун тайёрланади. У директор Берн Жонс, шунингдек, Уильям Морислар иштирок
этадиган эстетика тўгарагига аъзо бўлган эди. Бошида Жозеф бу ердаги
талабаларнинг уришқоқлигидан зада бўлган бўлса, кейинроқ билим юрти унга ёқиб
қолади. У бу ҳақида 1899 йилда эълон қилган “Пўлатчилар ва К” ҳикоялар
тўпламида батафсил ёзган. Бу ўқув даргоҳи Оксфорд ёки кембриж университетларига
кириш учун йўлланма бермас, боз устига Киплингнинг кўзи яхши кўрмаслиги унинг
ҳарбий академияларда таҳсил олишига имкон бермасди. Оқибатда, бўлажак шоир шу
ерда таҳсилни тугатишига тўғри келади.
Жозефнинг иш фаолиятида, шунингдек, унинг инглиз-ҳинд жамияти билан яқин
ҳамкорлигида болалигида ўрганган ҳинд тили ниҳоятда қўл келади. У газета учун
мунтазам шеър ва ҳикоялар ёзиб берарди.
Киплингнинг биринчи шеърий тўплами-“Департамент қўшиқлари”
китоби эса 1886 йилда чоп этилган. Китоб
жуда оз нусхада нашр этилганиданми, жуда
тез тарқаб кетади ва ўша йилнинг ўзидаёқ уни қайта нашр этишади. “Тоғлардан
оддий ҳикоялар” деб номланган тўплами 1888 йилда эълон қилинади. “Ҳиндистон темир йўллари кутубҳонаси” учун
Кирлинг 1887-1889 йилларда бешта
қисқа ҳикоялар тўпламларини тайёрлайди.
1889 йилда Киплинг Англияга
қайтар экан, Оллоҳободдаги маҳаллий газета билан йўл очерклари ёзишга
шартнома тузади. Адиб ота юртида
машҳурликка эришарди. Унинг “Ҳиндистон темир йўллари кутубхонаси “ туркуми учун ёзган тўпламлари Англияда 1890
йилда нашрдан чиқади ва танқидчилар
уни олқишлар билан қарши оладилар.
Киплинг Лондонда америкалик ношир Уолкотт Бейлстир билан хамкорликда ижод қила
бошлайди. Бейлстир 1892 йилда терлама касаллигидан вафот этгач, Киплинг унинг синглиси Каролинага
уйланади. Шу йили босмадан чиққан тўпламига шоирнинг машхур шъерларидан
“Мандалей” ҳам киритилган эди. Ёш оила
Браттльборога кўчиб келгач, улар икки фарзандли бўлишади. Вермонтга шоир
икки томлик шеър ва ҳикоялар тўплами “Беҳисоб эрмаклар” ва “Етти қирғин”
китобларини чиқаради. 1897 йилда олам юзини кўрган “Жасур денгиз сайёҳлари”
китоби Англия балиқчиларига бағишланган. 1902 йилда Жозеф Суссекс графлигидан
ҳовли сотиб олади ва умрининг охиригача шу ерда
истиқомат қилади. “Ана шулар ҳақидаги
эртаклар” ва “ Простаково тепалигидаги пари” асарлари шу йили пайдо
бўлган бўлса, болалар учун қадимги Англия тарихидан ҳикоя қилувчи тўплами 1906
йилда чиққан. 1915 йилга келиб адибни безовта қила бошлаган ошқозон касаллиги охир-оқибат ярага айланади
ва 1936 йилда у ичакка қон қуйилиши оқибатида оламдан кўз юмади. Киплинг
Вестминистер аббатлигидаги шоирлар бурчагига дафн этилади. Унинг “Ўзим ҳақимда
баъзи нарсалар” номли таржимаи ҳол асари вафотидан кейин бир йил ўтиб олам юзини
кўради.