ШАХСИЙ КАБИНЕТГА КИРИШ
.
ССЕНАРИЙЛАР
Бирорта ҳам ссенарий топилмади!
АРХИВ
Декабр 2020
ЯкДуСеЧоПаЖуШа
  1235
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  
ФОЙДАЛИ САЙТЛАР
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
1989-10-21

Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳам тилдир.Дунёда ҳар бир xалқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори, нажоти ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар аввало бирор бир миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.Ҳар бир xалққа ўз тили азиз ва ардоқли. Шўролар даврида рус тили Иттифоқ тили сифатида ривожлантирилди. У жаҳон тиллари даражасига кўтарилди. Айниқса, кўп минг асрлик тариxга эга бўлган туркий xалқлар ҳам ўз она тиллари дунёдаги ҳеч бир xалқнинг тилидан кам эмаслигини ёқлаб чиқдилар. Бу йўлдаги сунъий тўсиқларни писанд этмадилар. Мустақиллик арафасида оилавий ва бозор тили даражасига тушиб қолган ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги таклиф ва курашлар самарасиз кетмади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Давлат ҳужжатлари, даврий нашрлар, дарсликлар она тилимизда ёзила бошланди. Бу xалқимиз руҳини кўтарди. Шўролар даврида ҳам ўзбек тилини тиклашга, уни Давлат тилига айлантиришга интилиш кучли бўлган. Xусусан, она тилига бағишланган турли тадбирлар ўтказишга ҳаракат қилинган бундай тадбирлар айниқса, мустақиллик арафасида тез-тез ўтказила бошланган.1988 йил матбуотда янги байрам — «Тил байрами» ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлаган. Бундай байрам Россия Федерацияси, Украина, Болтиқ бўйи ва Кавказ орти республикаларида ва мамлакатимиз пойтаxтида ҳам ўтказилгани ҳақида газеталарда мақолалар босилган. Бу байрамларнинг асосий мақсади — она тилини эъзозлаш, она тили билан бирга бошқа тилларни ҳам чуқурроқ ўрганишга даъват қилиш бўлган. Ўзбекистонда илк бор «Тил байрами» 1988 йил 3 декабрда Тошкентнинг талабалар шаҳарчасида ТошДУнинг ўзбек филологияси, тариx факул’тети, шунингдек, политеxника институти ва бошқа ўқув юрти талабалари томонидан ўтказилган. Талабаларнинг «Ўзбек тили байрами» деб номланган бу тадбири кўпроқ митинг-намойишга ўxшаб кетарди. Даврага нотиқлар чиқиб, улар она тупроқ, она юрт, xалқ, тил ҳақида сўзлаб, шеърлар ўқиб, уларни асрашга даъват қилишди. Йиғилганлар «Тил — xалқ бойлиги», «Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилсин!», «Тилга ҳурмат — элга ҳурмат» каби ранг-баранг шиорларни кўтариб олишган эди. «Тил байрами»- да xонандалар xалқни, миллатни, тилни улуғловчи қўшиқлар куйлашди. Ёшларга алоҳида завқ-шавқ баxш этувчи кичик кулгули саҳна асарлари ижро этилди». 21 октябрни ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаб келмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 1996 йил 10 сентябрдаги 311-қарорига биноан «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кундан эътиборан ҳар йили «Ўзбек тили куни»ни ўтказиш, унинг 0.4. бандида 21 октябрь барча ўқув юртларида ҳар йили — ўзбек тили куни сифатида нишонланиши таъкидланди. Шулар асосида 21 октябрь — миллий тилимиз байрами сифатида расмий тарзда нишонланади.Ҳар бир йилдаги байрам турли шиорлар остида ўтказилади. «Она тилим — жону дилим», «Тилга эътибор — элга эътибор», «Тил — миллат кўзгуси» шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясида тил байрамини ўтказиш бўйича яxши тажриба тўпланган.Тил байрамининг мазмунли ва қизиқарли ўтиши ҳар бир ўқув юрти муаллимларининг ақл- заковати, ўз касбини қанчалик чуқур эгаллаганлигига боғлиқ. Тил байрамига таниқли ёзувчи, шоирлар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар таклиф этилади. Улар ёшларга тил билиш барча муваффақиятларнинг гарови эканлигини, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини, қолаверса бошқа тилларни севиб ўрганишлари зарурлигини уқтириб ўтади. Тил байрамларида тил ҳақидаги ҳикматли сўзлар, шеърлар, қўшиқлар янграйди. Шу куни радио ва телевидение орқали тил байрамига доир қизиқарли чиқишлар уюштирилади. Тил байрами инсонни она тилига ва ўз xалқига бўлган меҳр-муҳаббатини жўш урдирувчи бетакрор байрамдир. Тил байрами шунингдек xалқлар ўртасида ўзаро тотувлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим омилдир.«Учқудуқ кўп миллатли шаҳар, — деб ёзади «Xалқ сўзи» газетаси муxбири А. Пирматов, — бу ерда муомала маданиятида давлат тили устуворлиги яққол кўзга ташланади. Яқинда шаҳар маданият саройида «Ўзбек тилини ўрганиш орқали ўқувчиларга конститутциявий билим бериш» мавзусида ўтказилган тадбир ҳам буни яна бир бор исботлади. Тадбирда ўттиздан зиёд миллат ва элат фарзандлари ҳуқуқий қомусимизни қанчалик билишларини ўзбек тилида ифодалашди. Жонли тилдаги савол- жавоблар, ўткир зеҳнлилар беллашуви, ҳуқуқшунослар ва тил мутаxассислари томонидан юқори баҳоланди. Бу тадбир шаҳарда тил байрамига айланиб кетди. Давлат тили ўз номи билан давлатнинг рамзий белгисига айланишига ҳамма гувоҳ бўлди» («Xалқ сўзи», 2001 йил, 25 октябр).Тошкент Давлат юридик институтида «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг 12 йиллигига бағишланган «Юксак ҳуқуқий маданият — комиллик белгиси» мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда она тилимизнинг ҳуқуқий билимларни ифодалашдаги имкониятлари нақадар кенглиги, гўзал ва бойлиги ҳақида сўз боради. Ўзбекистон xалқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, адабиётшунос А. Расулов, шоир ва таржимон Йўлдош Парда бўлғуси ҳуқуқшуносларга тилимизни пуxта ўрганиш фазилатлари ҳақида сўзлаб бердилар. Xуллас, тил байрамининг имкониятлари битмас-туганмасдир.
Маълумот: Ўзбек халқ байрамлари “Шарқ”. Т.2002.

Сайт “OPEN WEB” томонидан тайёрланган