ШАХСИЙ КАБИНЕТГА КИРИШ
.
ССЕНАРИЙЛАР
Бирорта ҳам ссенарий топилмади!
АРХИВ
Январ 2023
ЯкДуСеЧоПаЖуШа
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2931    
ФОЙДАЛИ САЙТЛАР
Кинематографияга асос солган-aка-ука Люмьерлар таваллуд топган кун
1864-10-19

Огюст ва Луининг ёши ўртасида фарқ бор йўғи  икки йилни ташкил этади: тўнғичи 1862 йил 19 октябрда туғилган бўлса, укаси 1864 йил 5октябрда таваллуд топган. Иккисининг ҳам киндик қони Франциянинг Безансон шаҳрида тўкилган. Болакайларнинг рассом оиласида туғилиб-улғайгани келажак фаолиятига таъсир кўрсатмай қолмаган. Қуруқ сурат олиш билангина чекланмай, муайян ҳолатларни  “жонлантириш” ғояси уларда болаликдан туғилган бўлса, не ажаб. Ака-укалар иқтидорли одамлар эди: Огюстда ташкилотчилик қобилияти юқори бўлса, укаси Луида ихтирочилик салоҳияти кўзга ташланарди. Акасининг жонсараклик ила қилган ҳаракатлари Луининг кашфиётларини юзага чиқаришда катта аҳамият касб этади. Натижада Луи Жан Люмьер – кинематографни ихтиро қилган олим, француз киносаноати ва кинорежиссура асосчиси даражасига кўтарилади, 1919 йилда Париж фанлар академиясига аъзо бўлади. Огюст ташкилий ишларни зиммасига олган бир пайтда Луи кинематограф ва ихтирочиликнинг техник жиҳатлари билан машғул бўлади. У Саноат мактабида таҳсил олади, фотосураткашлик билан шуғулланади, отасига тегишли фотомаҳсулотлар фабрикасида ишлайди. 1895 йилда Луи Жан Люмьер “ҳаракатланувчи фотосуратлар”ни тасвирга олувчи махсус киноаппаратни ихтиро қилади. Аппаратга “кинематограф” номи берилади. 1895 йил мартда  парижда фотосаноатни ривожлантириш бўйича ўтказилган конференцияда ака-ука Люмьерлар жаҳонда биринчи маротаба ёпиқ тарздаги кино намойишини ташкил этадилар. Йиғилганлар эътиборига “Ишчиларнинг корхонадан чиқиб келиши” номи остида қисқагина, атиги 40 сонияли лавҳа ҳавола этилади. Айнан шу сониялар тарихий бўлиб, дунёга кинематограф отлиғ санъат мўъжизаси кириб келгани ҳақида жар солади. Ушбу кашфиёт устида бошқа мамлакатларда ҳам изланишлар олиб борилаётганидан хабардор Люмьерлар зудлик билан “синематограф” учун патентни қўлга киритадилар. Биринчи оммавий пулли томоша 1895 йил 28 декабрда Парижнинг Капуцинлар хиёбонида “Гранкафе” ертўласида ўтказилади. Илк сеансда Люмьерлар 10 та ҳаётий лавҳадан иборат қисқагина фильм намойиш қиладилар. Шундай қилиб, кинематограф тез орада тарқалади. Уларнинг номлари ҳақли равишда кинематография тарихи зарварақларига катта ҳарфлар билан битилган. 
Манба: Жаҳон адабиёти, 2012. 


Сайт “OPEN WEB” томонидан тайёрланган