СЕРГЕЙ ЕСЕНИН
Жўшқин лирик ва чинакам халқона
шоир Сергей Есенин ижоди рус адабиётнинг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил этади.
У совет даври талаблари қуюшқонига тушмаган ва тушишни истамаган, эркатой ва танти,
аммо мислсиз иқтидорли шоир эди. Рязан шаҳри атрофидаги Константиново қишлоғида
1883- йил 3-октабрда таваллуд топган шоир умрининг охиригача деҳқон-шоир, рус қишлоғи
ҳаёти ва табиат куйчиси бўлиб қодди. 1924 - 25 йилларда шоир Ўрта Осиё ва Кавказорти
минтақаларида саёҳатда бўлган, қисқа бўлса-да, Тошкенда ҳам яшаган. Есениннинг
«Форс тароналари» деб номланган шеърлар туркуми ана шу ўлкаларга саёҳат чоғида яратилган.
Бу шеърлар туркумини ўзбек тилига эркин Воҳидов ўгирган. Есениннинг «Анна Снегина»
номли машҳур поемаси Ботуми шаҳрида ёзилган. Унинг «Гўдакликдан маълум ҳар одам»
шеъри асосида курашчанлик ғояси ётади.
ОНА ИБОДАТИ
Қишлоқнинг бир четида
Пастаккина уй турар,
Сажда қилиб шу уйда
Онаизор ўлтирар.
Ёлғиз ўғлин эслар у
Ёниб аччиқ фироқла.
Ўғли эса юрт учун
Жанг қилади йироқда.
Она сажда қилади,
Кўз ёшлари шашқатор.
Бир нуқтага тикилган,
Хаёлида нелар бор?
Кўз олдига келади:
Кенг дала — жанг майдони.
Жонсиз ётар майдонда
Мард ўғли — паҳлавони.
Кўкрагида жароҳат,
Қоп-қора қон ҳар ёғи.
Қолмиш жонсиз қўлида
Душманининг байроғи.
Она юзин қоплар ғам,
Чимирганча қошини
Аста суяр қўлига
Оппоқ сочли бошини.
Юрак дарди ёш бўлиб,
Тўлиб келар кўзига.
Маржон-маржон томчилар
Оқиб тушар юзига,
ИТ ҲАҚИДА ДОСТОН
Қуёш ўйнар жавдар хирмонда,
Чипталарда нури тилла ранг.
Болалади она ит тонгда,
Етти кучук туғди малларанг.
Ювиб-тараб тиллари билан,
Оқшомгача эркалади у.
Она итнинг иссиқ бағридан
Қор устида эриб оқди сув.
Оқшом пайти, товуқлар энди
Қўноғига тизилишган дам,
Уй эгаси хўмрайиб келди,
Қопга солди еттовини ҳам.
Шўрлик она чопди кетидан,
Узоқ-узоқ қувлаб борди у.
Муздек терлар оқиб этидан,
Аччиқ-аччиқ увлаб борди у.
Ботқоқлардан кечиб ўтди лой,
Оёқлари толди, уринди.
Қайтар экан том устида ой,
Боласига ўхшаб кўринди.
Шўрлик яна боласин сўраб,
Кўкка боқиб увлади хаста.
Янги ой ҳам аста ғилдираб,
Тушиб кетди уфқдан пастта.
Бечорага эрмаклаб, кулиб,
Нон ўрнига отишгандек тош,
Ит кўзидан юлдузлар бўлиб,
Қорга оқди томчи-томчи ёш.