Гансолес ўз ғояларини ўқув юртида амалга ошириш учун изчил ўқув услубларига алоқадор бўлмаган ўқув масканини ташкил қилишга қарор қилди. Бироқ бунинг учун бир миллион доллар талаб қилинар эди. Уни қаердан олиш керак? Бу фикр виждонли руҳонийга анча вақттинчалик бермади. У ухлашга ётганида, эрталаб ибодат қилганида, кундузги ташвишлардан андармон бўлганида, фақат васвасага айланган пул тўғрисидаги фикрлар ҳаракат ва фикр ўйларида асосий иш бўлиб хизмат қилди. аниқ мақсаднинг зарурлигини тушунган ҳолда, шунингдек, уни қўлга киритиш учун қизғин хоҳиш-истак орқали ҳам доктор Гансолэс миллион долларни жамғариш йўлларини асло топа олмади. Унинг ўрнида бўлган ҳар бир киши ўз-ўзига шундай дейиши мумкин эди: Майли, биродар, сенинг ғоянг-ку, жуда ажойиб, аммо бу лаънати миллионни асло қўлга кирита олмайсан. Доктор Гансолэс ўйлаб-ўйлаб, бошқача йўл топди. Буни унинг ўзи шундай сўзлаб берган эди: — Одатдаги шанба кунларидан бирида мен уйда ўтириб, икки йилдан бери тўхтовсиз равишда ўйлаганларимни хаёлимдан ўтказиш билан овора эдим. Нима қилай? Режаларимни амалга ошириш учун қандай қилиб пул топсам экан? Ўша куни ўз-ўзимга: “Бўлди, ҳадеб ўйлашни бас қил! Бир ҳафтадан кейин сен бир миллионга эга бўласан”, дедим. Мен бунча пулга эга бўлишнинг аниқ вақтини билмас эдим. Аммо энг асосий ишни бажардим: мақсадга эришиш учун вақтни аниқ белгилашга қарор қилдим. Айтишим жоизки, қарор қабул қилган пайтимда ишонч туйғуси бутун қалбимни қамраб олди. Ички томондан нимадир: “Нега бу ишга илгарироқ киришмадинг? Шунча вақт мобайнида сени пул кутиб турди-ку ахир”, дерди. Воқеалар бошни айлантирар даражада тезлашиб кетди. У журналистларни чақириб, келгуси куни эрталаб “Мени бир миллион долларим бўлганида, қандай иш тутар эдим?” деган мавзуда ваъз ўқимоқчи эканлигини маълум қилди. Ваъзни тайёрлашга киришди, бу мураккаб эмас, чунки ғоя, мавзу унда икки йил давомида пишиб етилган эди. Ўша оқшом у ишончга тўлиб тошган ҳолда ухлашга ётди. У миллион доллар аллақачон чўнтагимда деб тасаввур қиларди. Эртаси куни ўрнидан барвақт туриб, матнни ўқиб чиқди-ю, ибодат учун тиз чўкди. Худога илтижо қилиб, ваъзни эшитганлар орасидан ким пул берар экан, деб илтижо қилди. Уни яна шундай ишонч чулғаб олдики, пуллар келади, ҳатто улар аллақачон унинг қўлига теккандай эди. У шунчалик ҳаяжонланган эдики, ҳатто ваъзнинг матнини олмай уйдан чиқиб кетганини билмай қолди. Минбарга чиққанидан кейингина уни қолдирганини пайқаб қолди. Гансолэс ёзувларни олиб кетиш учун орқага қайта олмасди, албатта. Ва Худога шукур! Чунки ботиний онг унга зарур бўлган барча нарсаларни тақдим этди. У минбарда кўзларини юмиб гапира бошлади: унинг юраги, қалби сўзлар, орзулари гапирар эди. Гансолэс тингловчиларга эмас, балки фақат Худога, Яратганнинг ўзига мурожаат қиларди. У йиғилганларга бир миллион долларни қандай сарф қилишини айтиб, ажойиб ўқув юрти ташкил қилиш режасини чизиб берди, бу даргоҳда ёш йигитлар, қизлар барча зарур нарсаларни амалда синаб кўришлари ва ўз ақлларини чархлашлари мумкин эди. Хуллас, Гансолэс сўзларини тугатиб, жойига ўтирганида, учинчи қаторда ўтирган бир киши аста ўрнидан туриб, минбарга яқинлашди. Гансолэс бу одамнинг нима қилмоқчилигини англагани ҳам йўқ. Нотаниш киши минбарга чиқаркан, қўлини кўтарди ва шундай деди: — Муҳтарам зот, сизнинг ваъзингиз менга ниҳоя манзур бўлди. Ишонаман, сиз нимаики деган бўлсангиз, барини бажаришингизга кўзим етади, агар сизда бир миллион бўлса, буларнинг ҳаммаси амалга ошади. Мен сизга ишонишимни исботлаяман, шунинг учун бир миллионни бераман. Эртага эрталаб офисга келинг. Менинг исмим — Филипп Армур. Ҳақиқатан ҳам, жаноб Армур доктор Гансолэсга ваъда қилинган пулни берди. Шу тариқа Армур технологияси институтига асос солинди, у ҳозирги кунда машҳур Иллинойс тохнология институти деб юритилади. Айнан ғоя керакли миллионни ҳазрат Гансолэсга туҳфа этди. Ғайрат-шижоат билан йўғрилган ғоя руҳонийни икки йил давомида таъқиб этиб, ундаб турди. Фавқулодда энг муҳим ҳолатга эътибор беринг: доктор Гансолэс аниқ йўналтирилган режа тузиб, уни бажаришга қарор қилганидан кейии 36 соат ўтгач, у шунча пулга эга бўлди. Руҳоний миллионни орзу қилиб, бу орзуси рўёбга чиқишидан ниҳоятда заиф тарзда умидвор бўлган эди. Кимлар орзу қилмайди, дейсиз! Аммо эсдан чиқмайдиган шанба куни қабул қилинган қарорда тарқоқ орзу қатьиятлик билан алмашинди: “Мен шу ҳафта давомида бу пулларга эга бўламан!” Гансолэс эришган муваффақият туфайли рўй берган қонунлар ҳозир ҳам худди ёш руҳоний бир пайтлар омадли ҳолатда қўллаган каби амал қилмоқда. Улар сиз учун ҳам жуда қулайдир! "Ҳаробадан чиққан машҳурлар" китобидан олинди